Тиниқиб ухлашга ёрдам берадиган 7 одат
Тиниқиб ухлаш эндокрин, юрак-қон томир тизими ва организмдаги аъзолар фаолиятида муҳим саналади. Уйқунинг меъёрда бўлиши учун эса мутахассислар айрим жиҳатларга эътибор бериш кераклигини таъкидлайди.
Милк ва тишлар саломатлиги ҳақида қайғуринг
Тишларни ётишдан аввал ювиш ва овқат қолдиқларини йўқотиш учун махсус ипдан фойдаланишнинг ўзи кифоя эмас. Стоматологлар бунинг ўзи билан чекланмасдан махсус восита билан тишларни чайишни тавсия қилади. Гап шундаки, ухлаганда организмдан суюқлик, хусусан, тишлар ва тил учун муҳим бўлган сўлак ҳам кам миқдорда ажралади. Кечаси тишларни хавфли бактериялардан ҳимоя қилиш учун антисептик воситадан фойдаланиб чайинг.
Уйқу режимда бўлсин
Уйқуга ётиш ҳамда уйғониш бир вақтда ва тартибли бўлишига риоя қилинг. Бу, биринчидан, сиркад ритмни меъёрда бўлишига ҳисса қўшади иккинчидан эса ухлаш одатини шакллантиради ва натижада сизни уйқусизлик безовта қилмайди.
Тамадди қилишни унутманг
Кечаси шакар ва углеводларга бой оғир овқат истеъмол қилиш зарарли ҳисобланади. Аммо оқсил, клетчатка ва тўйинмаган ёғлар (масалан, сабзавотлар қўшилган творог ёки сабзавот ва ёнғоқдан тайёрланган салат)ни ўз ичига олган енгил тамадди кони фойда.
Ёга билан шуғулланинг
Шифокорлар асаб тизимини ортиқча зўриқтирмаслик учун кечаси спорт билан шуғулланмасликни тавсия қилади. Аммо ушбу маслаҳат ёгага тааллуқли эмас. Енгил машқлар тинчланишга ёрдам беради. Бу айниқса, кунини ўтиб ўтказадиганлар учун яхши самара беради. Кечга бориб мушак ва суяклар бўшашишга муҳтож бўлади. Бел, ёнбош, болдир, шунингдек, елка ва бўйиннинг чигалини ёзишга ёрдам берадиган машқларни бажаринг. Ўзингизни яхши ҳис қила бошлайсиз.
Лимон қўшилган иссиқ сув ичинг
Лимонли, айниқса, ялпиз ва мойчечак қўшилган ичимлик нафақат тинчланишга ёрдам беради, балки метаболизмни ҳам жадаллаштиради. Қолаверса, организмдаги пҳ миқдорини меъёрлаштириб, организмни жиғилдон қайнаши ва бошқа шунга ўхшаш ёқимсиз жараёнлардан ҳимоя қилади.
Спиртли ичимликдан воз кечинг
Ётишдан аввал ичилган бир қадаҳ вино уйқу сифатини 40 фоизга камайтиради. Алкогол уйқу сиклини назорат қиладиган миядаги нейротрансмиттерларга салбий таъсир қилади. Менопауза давридаги аёлларда эса спиртли ичимлик аҳволни янада ёмонлаштиради.
Ёруғлик бўлмасин
Уйқудан бир соат аввал компютер ва смартфондан фойдаланманг. Улардан тараладиган мовий нур уйқу гормони мелатониннинг ишлаб чиқарилишига салбий таъсир қилади. Қолаверса, ётоқхона ҳамда ваннага унча ёрқин бўлмаган лампаларни қўйиш тавсия қилинади. Бу танани кечки уйқуга ҳозирлайди, шунингдек, кечаси тўлиқ дам олишга халал берадиган стресс гормони миқдорини камайтиради.