Муаллифлар: Ҳайитбой Ҳайдаров, Қамариддин Усмонов
Сўз боши
Ватанни онага қиёслайдилар. Зеро бу бежиз эмас. Она сийнасида болага оқ сут берса, она-Ватан халқини, элини эъзозлайди, тарбиялайди, камолга етказади. Инсон учун она-Ватандан бошқа азиз ва мўътабар, муқаддас нарса йўқ ва бўлмайди ҳам.
Халқимиз Ватан остонадан, инсон туғилиб, кўз очган гўшадан, киндик қони томган хонадонга, тупроқдан бошланади дейишади. Бу ҳақ гап. Инсоннинг қалби, орзу-умидлари, қувончлари келажаги она-Ватани билан боғлиқ кечади. Шу боисдан она-Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқатдан бўлиш, унинг ҳар ҳовуч муқаддас тупроғини тўтиёдек кўзга суртиш, унга нисбатан бир умр фарзандлик ҳисси билан яшаш, уни эъзозлаш ҳар бир киши учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Бизнинг борлигимиз, тилимиз ва тафаккуримиз, маданий-этник қиёфамиз, удум ва анъаналаримиз, миллий туйғуларимиз – буларнинг барчаси Турон, Туркистон, Ўзбекистон дея аталмиш муқаддас Ватанимиз, унинг қадимий шаҳри Жиззах номи билан муштарак. Чунки қадими Жиззах воҳаси ҳам Ўзбекистоннинг ота-боболаримиз яшаган, киндиқ қони тўкилган, келажак авлодларига бошпана, бахт ва саодат бера олган муқаддас замини ҳисобланади. Жиззах диний ва дунёвий нуқтаи назардан ҳақиқий маънода Аллоҳ назари тушган, нафақат ислом таълимоти, балки калом фалсафаси, шариат устунлари етишиб чиққан қадимий тарихга эга бўлган юрт ҳисобланади.
Жиззах қалъа шаҳри Нурота ва Туркистон тизма тоғларини ажратиб турувчи, кенглиги 120-130 метрга тўғри келувчи Илонўтти (Темур дарвозаси) дарасининг шимолий қисмида Сангзор водийсида шаклланган қадимий шаҳардир.
Шарқни Ғарб билан боғловчи қадимий Буюк Ипак карвон йўлининг айнан Илонўтти дарасидан ўтиши шаҳар мавқеининг ўсиши ва савдо марказига айланишига сабаб бўлган. ХИХ-ХХ асрларда барпо етилган Красноводск – Тошкент темир йўли ва Катта Ўзбекистон трактининг Жиззах орқали ўтиши шаҳар ривожида, унинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим рол ўйнади.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов: “Тарихга мурожаат қилар эканмиз, бу халқ хотираси эканлигини назарда тутишимиз керак. Хотирасиз баркамол киши бўлмаганидек, ўз тарихини билмаган халқнинг келажаги ҳам бўлмайди”, деб таъкидлагани бежиз эмас. 1996 йил 26 октябр куни Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг сессиясида сўзлаган нутқида: “Жиззах икки минг йилдан кўпроқ тарихга ва гўзал табиатга эга бўлган қадимий маскан… Ўзбек халқининг кўп-кўп асл фарзандлари мана шу заминда тарбия топган, ўз фидойилиги билан эл-юртмизнинг обрўсига обрў, салоҳиятига салоҳият қўшган, тарихда ўзларининг пок номларини қолдирган” деб таъкидлаб мутахассисларни келгусида ушбу қадимий шаҳар тарихини мукаммал ўрганишга даъват қилган эди.
Ўтмишда кичик қалъа-шаҳарча бўлган, мустақиллигимизни қўлга киритганлигимиз туфайли ижтимоий-иқтисодий соҳалари, саноати тараққий қилган, халқ таълими ва маданияти ривожланаётган Жиззах шаҳри тарихини бугунги кунда истиқлол шарофати ила чуқурроқ ўрганиш имконияти юзага келди.
Жиззах – Ўзбекистонинг энг қадимий шаҳарларидан бўлиб, милоддан аввалги бир мингинчи йилларда юзага келгани кўплаб тарихий манбаларда тилга олинади. Бой тарихга эга бўлган шаҳар урбанистик жараёниниинг юзага келиши бронза даврига бориб тақалади. Тарихчи-археолог олимлар томонидан шаҳарнинг ёшини аниқлаш, унинг тарихий обидалари қолдиқларини ўрганиш борасидаги тадқиқот ишлари давом этмоқда.
Мавжуд тарихий манбалар Шарқни Ғарб билан боғлаган Буюк Ипак йўли устидаги чорраҳада, қулай географик ҳудудда жойлашган Жиззах шаҳрининг ёши минг-минг йиллар билан ўлчанишидан далолат бермоқда. Жиззах асрлар давомида турли мамлакатлар, ҳукмдорлар, бек-амалдорлар, олиму шоирлар, дин раҳнамолари, оддий кишилар, хуллас, барча-барчанинг диққат-эътиборини ўзига тортган. Тарих гувоҳлик берадики, қадимги форс подшоҳлари аҳомонийлар, юнон-македонлар, араблар, мўғуллар ва ниҳоят Россия империяси ҳукмдорлари билан ота-боболаримиз ўртасида Жиззах шаҳри учун бир неча бор қирғин-барот жанглар бўлиб ўтган ва шаҳар батамом яксон қилиб ташланган. Шаҳарнинг бундай жангларда бир неча марта вайрон қилинганлигини айтиш ва унинг адоғига етиш қийин. Аммо тарихда Дизак, Газо, Тайзақ, Тузиҳақ, Факнон ва бошқа номлар билан шуҳрат қозонган бу шаҳар ҳар гал ёниб вайрон бўлса-да, ўз ўрнида янгидан тикланаверган, гуллаб-яшнайверган. Бугунги кунда шаҳарнинг кўҳна тарихидан борилган археологик қазилмалар натижасида ҳозирги кунгача топилган ва топилаётган тошдан, темирдан ясалган меҳнат қуроллари, кулолчилик, заргарлик, темирчилик буюмлари, қадимги қурол-яроғлар, тангалар ва бошқа ашёвий далиллар, кийим-кечак қолдиқлари ана шундан далолат бермоқда.
Археологик топилмалар шаҳарда турли динлар ҳам ҳукм сурганини кўрсатмоқда. Жиззахнинг қадим аҳолиси дастлаб зардуштийлик-оташпарастлик, кейинроқ ислом динига эътиқод қилгани тарихдан бизга маълум. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда дин эркинлиги, энг аввало, ислом динининг ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадрият сифатида мавқеи тикланиб, диний уламоларнинг қадр-қиммати ўз жойига қўйилди.
Жиззах шаҳри кўплаб тарихий манбаларда тилга олинган. Юнон-Рим тарихчилари Геродот, Страбон, Ктеция, Ксенафонт, Арриан, араб муаррихлари: Ҳофиз-Таробий, ибн Ҳавқал, ибн Ҳурдодбек, Истаҳрий, ибн Батута, Ёқу Ҳамавий, Ибн Арабшоҳ, Маҳуммад Солиҳ, Ҳофиз Таниш, Ҳамидулла Казвиний, Али Яздий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа алломалар ўз асарларида шаҳар тарихи, аҳолисининг урф-одатлари, дини, маданияти ҳақида битиклар ёзиб қолдиришган. Ўзбек шарқшунослари, академиклар Я.Ғуломов, А.Муҳаммаджонов асарларида, шунингдек, замондош олимлардан Ҳ.Зиёев, Н.Неъматов, С.Анорбоев, М.Пардаев, Ҳ.Муҳаммедов, А.Бедимуродов, М.Исоқов, Н.Немцева, С.Нишонов, Ў.Носиров, Ҳ.Ҳайдаров, М.Пардаев ва бошқаларнинг монография, рисола ва илмий мақолаларида шаҳар тарихи, маданияти, халқининг турмуш тарзи ҳақида муҳим маълумотлар берилган.
Россия империясининг мустамлакачилик сиёсати ва унинг зулмидан сабр косаси тўлган Жиззах шаҳри аҳолисининг 1916 йилда фронт орқасидаги мудофаа иншоотлари ва ҳарбий йўллар қуриш ишларига сафарбар этилишига қарши кўтарилган миллий-озодлик қўзғолони тарихида ўчмас из қолдирган. Бу қўзғолонга бошчилик қилган Назирхўжа Абдусаломов, Зиё Қори Абдуллаев, Муҳаммадраҳим Абдураҳимов, Комил Қори Бобожонов, Абдураҳмон жевачи Абдужабборов, Исмоил бобо Рўзимуҳаммедов, Нуриддин ҳожи Маъруфхўжаев, Муҳаммадхўжа Ҳамроев сингари юртпарвар инсонлар Россия империяси ҳукумати ҳарбий дала судининг ҳукми билан қатл этиладилар. Бугунги кунда шаҳарда Жиззах қўзғолонига бағишланган кўчма кўргазма ва Ўрда тарихи музейи ташкил қилинган, қўзғолончилар номи абадийлаштирилмоқда.
Шаҳарда ўтган йиллар мобайнида жуда кўплаб таниқли кишилар – Ўзбекистон халқ шоири Ҳамид Олимжон, давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Назир Сафаров, ёзувчи, драматург ва олим Сафар Азимов, машҳур жарроҳ, академик Ўктам Орипов каби хорижий мамлакатларда ҳам эътироф этилган тиббиёт ходимлари, кўплаб таниқли кишилар етишиб чиққан.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари давридаги шаҳар тарихи мамлакатимиз тарихининг узвий бир қисми бўлиб, бу даврни халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Шаҳарда уруш фахрийларига, уларнинг оила аъзоларига моддий-маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Фашизм устидан қозонилган буюк ғалаба – 9 май куни шаҳарда ҳар йили “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Уруш қурбонларини хотирлаш учун “Хотира” мажмуаси ташкил қилинган бўлиб, “Мангу олов” монументи атрофи анвойи гуллардан иборат гулзорлар, кўм-кўк дарахтлар билан ўраб олинган. Жиззах вилояти 1973 йил 29 декабрда ташкил топган.
Жиззах шаҳрининг ташкил топиши
Жиззах Эрон аҳамонийлари ва Искандар Зулқарнайн босқини даврида
Жиззах Араб халифалиги даврида
Жиззах мўғуллар истилоси даврида
Жиззах Амир Темур ва темурийлар даврида
Хонликлар даврида Жиззах
Жиззахнинг босиб олиниши ва мустамлакачилик бошқарув усули
Ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт
1916 йилги Жиззах қўзғолони
Жиззахда мустабид совет ҳокимиятининг ўрнатилиши
Совет тузумига қарши қуролли ҳаракат
“Ҳужум” ҳаракати, унинг оқибатлари
Маданий ва маърифий жараёнлар
Истиқлол йўлида шаҳид кетганлар
Шаҳар иккинчи жаҳон уруши йилларида
Шаҳар саноат корхоналари
Жиззах – машҳур кишилар маскани
Халқ таълими
Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш
Жиззахлик шифокор олимлар
Жиззахнинг адабий муҳити
Маъмурий-сиёсий ислоҳотлар
Жиззах маҳаллалари
Иқтисодий ислоҳотлар ва еришилган ютуқлар
Шаҳар жамоли чирой очмоқда
Уруш ва меҳнат фахрийларига ғамхўрлик
Таълим равнақи
Жиззах давлат Педагогика институти
Оммавий ахборот воситалари равнақи
Соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган ютуқлар