Расмий номи – Ўзбекистон Республикаси. Пойтахти – Тошкент шаҳри. Ҳудуди – 448,9 минг кв.км.
Аҳолиси – 31022,5 млн (2015-йил 1-январ). Давлат тили – ўзбек тили. Дини – ислом. Пул бирлиги – ўзбек сўми.
Географик жойлашуви ва табиати. Марказий Осийдаги давлат. Шимолда ва ғарбда – Қоҳоғистон (чегаранинг узунлиги – 2203 км), жанубда – Туркманистон (1621 км) ва Афғонистон (137 км), жануби шарқда – Тожикистон (1161 км), шарқда Қирғизистон (1099 км) давлатлари билан чегарадош. Чегарасининг умумий узунлиги – 6221 км. Ўзбекистон релефига кўра текислик ва адир-тоғ қисмларига бўлинади. Ҳудудининг 4/5 қисмини текисликлар, аксари Турон пасттекислиги ишғол қилган. Ўзбекистоннинг шимоли ғарбида Устюрт платоси Устюрт платоси, марказий қисмининг шарқида Қизилқум саҳроси жойлашган. Турон пасттекислиги шарққа томон давом этиб, тоғлар орасига кириб борган: шимолда – Мирзачўл, ўрта қисмида – Қарноб чўли ва Қарши чўли жойлашган. Бу чўллар бора-бора тоғолди қия текисликларига қўшилиб кетади. Фарғона, Оҳангарон водийлари, Сангзор-Нурота сойлиги, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё сойликлари тоғлар орасида жойлашган текисликлардир. Ўзбекистон ҳудудидаги тоғлар Тян-Шан ва Ҳисор-Олой тоғ тизмаларига киради. Тизмаларнинг баландлиги 4000 м дан зиёд. Ҳисор тизмасида жойлашган Ҳазрати Султон чўққиси (4683 м) Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтасидир.
Асосий дарёлари: Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Чирчиқ, Оҳангарон.
Йирик кўллари: Орол денгизи (глобал экологик муаммо), Айдаркўл.
Табиий газ, нефт, қўнғир, кўмир, тошкўмир, олтин, кумуш, мис, қалай, молибден, марганес, хром, волфрам, висмут, уран, флюорит, гранит, мармар, оҳактош, каолин, топаз, феруза, амитист, тоғ хрустали, халседон, яшма, нефрит, амазонит, родонит, мармар оникси – Ўзбекистон қазилма бойликларини ташкил этади.
Иқлими – иссиқ, қуруқ, континентал. Жануби субтропик минтақага киради. Ўзбекистон ҳудудида 120 оилага кирадиган 3700 га яқин турдаги ёввойи ўсимликлар учрайди. Чўлларда жузғон, саксовул, илоқ, қуёнсуяк, черкез, қумарчиқ, биюрғон, шувоқ, туяпайпоқ; қолган ҳудудларда тоғолча, ёнғоқ, писта, арча, заранг, дўлана, тол, терак, омонқора, сувқалампир, баргизуб, зира, қизилпойча, зирк, кийикўт ва бошқа ўсимликлар ўсади. Юмронқозиқ, қумсичқон, қўшоёк, бўри, тулки, жайрон, сайғоқ, бўрсиқ, тўнғиз, морхўр, архар, айиқ, барс, чиябўри, суғур, сассиққўзан, бир неча тур илон, калтакесак, заҳарли ҳашаротлар, бургут, қора тасқара, қумой, болтаютар, қирғовул, каклик, бедана ва бошқа қушлар ҳайвонот оламини ташкил этади.
Давлат тузилиши, сиёсий партиялар, Давлат тузилиши – Республика. Мамлакат таркибига 12 вилоят ва Қорақалпоғистон Республикаси киради. Ўзбекистон ўз мустақиллигини 1991-йил 31-августда эълон қилган.
Миллий байрами – 1-сентябр (Мустақиллик куни).
Ижро этувчи ҳокимият – Президент (давлат бошлиғи) ва Вазирлар Маҳкамасини бошқарадиган Бош вазирга тегишли. Қонун чиқарувчи ҳокимият Сенат (юқори палата) ва Қонунчилик палатаси (қуйи палата)дан иборат икки палатали парламент – Олий Мажлисга тегишли. Сиёсий партиялар: Халқ демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал-демократик партияси.
Иқтисоди, транспорт коммуникациялари. Сўнгги йилларда ҳукумат томонидан олиб борилаётган иқтисодий сиёсий бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришга, хусусийлаштириш ва тадбиркорликни кенгайтиришга, молиявий ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга, миллий валютани мустаҳкамлашга қаратилган. Чет эл инвестициялари кириб келишига имкониятларни яратилиши ишлаб чиқаришнинг тараққий этишига туртки бўлди. Саноатнинг ривожланган тармоқлари: рангли металлургия, тўқимачилик, ёнилғи, кимё, озиқ-овқат, қурилиш, машинасозлик, автомобилсозлик, самолётсозлик. Пахта, буғдой, шоли, турли мева ва сабзавотлар, полиз маҳсулотлари етиштирилади. Чорвачилик ривожланган. Тола, табиий газ, рангли металлар, кимё ва нефт кимёси маҳсулотлари етиштирилади. Чорвачилик ривожланган. Тола, табиий газ, рангли металлар, кимё ва нефт маҳсулотлари, автомобил, мева ва сабзавотлар, қоракўл терилари экспорт қилинади. 2006-ншд ЯИМ миқдори48514 млн долларни (аҳоли жон бошига – 1800 долл.) ташкил этган.
Асосий савдо ҳамкорлари: МДҲ давлатлари, Германия, Япония, ХХР, Жанубий Корея.
Темирйўлларнинг умумий узунлиги – 7000 км дан ошиқ, автомобил йўллари – 80 000 км.
Тарихи. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида милоддан аввалги (м.а.) I минг йилликдаёқ дастлабки қулдорлик давлатлар – Хоразм, Бақтрия, Сўғд, Парфия вужудга келади. М.a. VI асрда аҳамонийлар Ўрта Осиётнинг кўпчилик ерларида маҳаллий аҳолининг қаршилигига қарамай (Широқ, Тўмарис) ўз ҳокимиятини ўрнатди. M.a. 329-327-йилларда македониялик Искандар бу худудларни ўз империяси таркибига қўшиб олади. Маҳаллий аҳолининг босқинчиларга қарши энг йирик қўзғолонига сўғд лашкарбошиси Спитамен бошчилик қилади. Искандарнинг вафотидан сўнг ҳозирги Ўзбекистон ҳудудлари Салавкий давлати таркибига киради. M. a. 250-йилда Грек-Бақтрия подшолиги ташкил топади. M.a.II асрда Қанғ, Парфия, Фарғона давлатлари вужудга келади. Грек-Бақтрия подшолиги тоҳарлар томонидан тор-мор этилгандан сўнг Тоҳарлар давлати ташкил топади. II-IV асрларда Ўрта Осиё, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон ҳудудларида Кушон подшолиги мавжуд бўлган. V асрда Эфталийлар давлати, VI асрнинг ўрталарида Турк хоқонлиги ташкил топади. VIII асрда Ўрта Осиё Араб халифалиги томонидан забт этилади. Ўрта Осиё халқлари араб ҳукмронлигига қарши муттасил кураш олиб боради (Ғурак, Дивашти, Шарик, Муқанна, Рофеъ ибн Лайс қўзғолонлари). Қўзғолонларни бостиришда катта хизмат кўрсатган тоҳирийлар, сўнгра сомонийларга ҳокимият топшириб қўйилади. Натижада IX асрнинг охирларида Сомонийлар давлати Ўрта Осиё ҳудудларини мустақил бошқара бошлайди. X аср охири XI асрларда Ўрта Осиёда Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар давлатлари мавжуд бўлган. XII асрда Хоразмшоҳлар давлати юксалади. IX-XII асрларда Ўрта Осиёда илм-фан тараққиёти юксак даражада кўтарилади. Абу Али Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд аз-Замахшарий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий каби қомусий олимлар, Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғишдувоний, Имом ал-Бухорий, Аҳмад Яссавий каби тасаввуф намояндалари етиишиб чиқди. 1218-1221-йилларда мўғуллар маҳаллий аҳолининг қаттиқ қаршилигига қарамай (Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик) Ўрта Осиёни босиб олади. 1238-йили Бухорода мўғуллар истибдодига қарши Маҳмуд Торобий бошчилигидаги йирик халқ қўзғолони бўлиб ўтади. 1370-йилда Амир Темур Самарқандда ҳокимиятни қўлга киритиб, йирик марказлашган давлатга асос солди. Ўттиз беш йиллик ҳукмронлиги даврида Темур катта ҳудудларни забт этиб, улкан империя ташкил этди. Темур вафотидан сўнг (1405) Мовароуннаҳрда темурийлар ўртасида тахт учну кураш кечади. 1409-йили Самарқанд тахтига Мирзо Улуғбек ўтиради. Темурийлар Мовароуннаҳрда XVI асргача ҳукмронлик қилишади. Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳрда ҳунармандчилик, меъморчилик ва адабиёт рақнақ топди, илм-фан юксалди, савдо ривожланди. 1500-йили Дашти Қипчоқдан кўчманчи ўзбеклар хони Муҳаммад Шайбонийхон Самарқандга ҳужум қилади. Унга қарши Самарқанд тахти учун Заҳириддин Бобур кураш олиб борадию Бир неча самарасиз уринишлардан сўнг Бобур Афғонистонга кетишга мажбур бўлади ва 1525-йили Ҳиндистонга юриш уюштириб, у ерда Бобурийлар империясига асос солади. XVI асрда Ўрта Осиёда иккита хонлик – Бухоро хонлиги ва Хива хонлиги вужудга келади. Шайбонийлардан, Абдуллахон II (1534-1598) узоқ урушлардан сўнг парчаланиб кетан. Мовароуннаҳрни бирлаштиради. 1599-йили Мовароуннаҳрда ҳокимият аштархонийлар (1599-1753) сулоласига ўтади. 1740-йили Эрон шоҳи Нодиршоҳ Бухорони эгаллайди ва Бухоро 7 йил Эронга тобе бўлади. 1753-йили Бухорода ҳокимият манғитлар сулоласининг биринчи амири Муҳаммад Раҳим қўлига ўтади. XVII аср бошларида Қўқон хонлиги ташкил топади. XIX асрнинг иккинчи ярмидан Россия Ўрта Осиёга бостириб кира бошлайди. 1873-йилга келиб Ўрта Осиёдаги учта давлат ҳам Россияга қарам бўлади. 1917-йилги октябр тўнтаришидан сўнг Қўқон мухторияти ташкил топади, лекин болшевиклар томонидан қурол кучи билан тугатилади. Ўтган асрнинг 30-йиллари ярмигача болшевиклар ва миллий озодлик ҳаракати ўртасида кескин кечади. 1924-йилда СССР таркибидаги Ўзбекистон ССР ташкил топади. 1991-йил 31-августда Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилади.
Манба: www.geografiya.uz