ДАДАМНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИ
Шахло Хошимова Жиззах политехника институти магистранти
Ёшлигимда ўзим қиз бола бўлганим учунми, гоҳо катталарнинг “Фалончи ўғилли бўлибди”, деб оғизларининг таноби қочишини кўрсам роса ғашим келарди. Айниқса, дадамнинг ўртоқларидан бири, қизли бўлганида уйимизга ичиб келиб, “Жўра яна қиз туғилди. Пешонам шўр экан. Эртага чироғимни ёқадиган, орқамдан қоладиган меросхўрим йўқ”, деб дийдиё қилганида жуда жаҳлим чиққан эди. “ Ўғил боланинг нимасини бунча суйинишади. Қайси болага қарасанг, доим усти боши ифлос, камига даканг хўрозга ўхшаб бир-бири билан муштлашгани муштлашган, камига тўполон қилишганига ўлайми?” дердим аччиқланиб. Бир куни дадамдан “Дада, мен туғилганимда, сиз ҳам шунақа ичиб келиб, хафа бўлиб роса йиғлаганмисиз?” деб сўрадим. Шунда дадам мени эркалаб қучиб, “ Сен менинг жону жаҳонимсан. Гавҳаримсан. Сен туғилганингда севинганимдан дунёга сиғмаганман”, деганларида қанчалик хурсанд бўлганимни тассаввур қилаяпсизми? Тўғрида қиз боладан яхши фарзанд борми? Ота-онасига дастёр бўлса, уй ишларини қилса. Ҳовлиларни чиннидай қилиб супуриб қўйса. Яна дадам айтмоқчи, ота-онасига меҳрибон бўлса”. Шу ўйлар билан ёшлигимданоқ қиз болалар ҳам ўғил болалардан кам эмаслигини кўрсатиб қўйишга қарор қилдим. Эрта спорт билан шуғуллана бошладим. Ўзиям ўғил болаларнинг роса додини берардим. Бундай кезлар онам қўлига хивич олиб пўписа қилиб қувса, дадамнинг олдига қочиб шикоят қилардим..
— Дада, қаранг ойимни. Ахир менда айб йўқ. Улар ўзлари бошлади. Боплаб бурнига солувдим, ҳўнграб йиғлаб кетди, яна ўғил боламиш… Бўлмаса ўғил болаям йиғлайдими?
Бундай кезлар дадам ёнига ўтқазиб насиҳат қиларди.
— Гап ўғил бола ёки қиз болада эмас. Гап одамнинг тарбияли ёки тарбиясизлигида. Ким биров билан ёҳалашса, урушса билкинки ўша тарбиясиз бола бўлади. Сен тарбиясиз қизсанми?
Бундай кезлар беихтийр хижолат тортиб қолардим. Тўғриси ойимнинг «пахол” дўқларидан кўра, дадамнинг босиқ оҳангда айтган гаплари менга тез таъсир қиларди.
Вақт ўтиб улғайдик. Кунлардан бир кун терма жамоамиз билан мусобоқага Тошкентга отландик. Айтишмасада, мураббийларимиз бир неча терма жамоамиз аъзоларига умид қилиб туришганини ич-ичдан сезардик. Мен уларнинг ишончини оқладим. Финалда ютиб, ғолиблик супасига кўтарилганимда, беихтиёр кўз ёшларимни тийолмай қолдим. Шунда томошанбинлар орасида кўзларидан турнақатор ёш оқаётган дадамни кўриб қолдим-у юрагим жизиллаб кетди.
Бу ҳақда кейин кўп ўйладим. Англадимки, ота-оналар учун фарзандларининг ҳар бири алоҳида ўринга эга экан. Гап уларнинг ўғил ёки қизлигида эмас, балки ўзларининг юриш-туришлари, одоби, ютуқлари билан ота-оналарини рози қилишларида, уларга эл-юрт олдида “раҳмат” келтиришларида экан. Ўша куни дадамнинг севинч кўз ёшларидан мен шуни тушуниб етдим.