ЖАМИЯТ ҲАЁТИДА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИНИНГ ЎРНИ
Эргашева Махсуда
Пулатовна ЖДПУ доценти, с.ф.д.(PhD)
Жамоатчилик фикри тушунчаси маъно-мазмун нуқтаи назаридан «жамоа», «жамоатчилик», «фикр» сўзларининг мантиқий мақсадли уйғунлашуви маҳсулидир. Жамоатчилик фикрини теран ва тўғри англамоқ учун юқоридаги таркиб ясовчи сўз-атамалар моҳиятини аввал бошдан англаб олмоқ муҳимдир. Хозир ва ўтмишда, ватанимиз ёхуд хорижий мамлакатлар тадқиқотчилари бу атама мазмунига турлича талқин беришиб, унга мақсаддан келиб чиқадиган маъно юклатиб келишган. Хусусан, аксарият тадқиқотларда жамоатчилик фикрининг таркибий қисми бўлган «фикр» тушунчаси «тасаввур», «муҳокама», «қарашлар», «мулоҳазалар», «ишонч», «эътиқод», «лафз», «фикр билдириш», «эътироз», «фикр якдиллиги», «плюрализм» ва ҳоказо жумлаларга синоним тушунча сифатида ҳам талқин этилади. “Фикр” тушунчасининг бундай ҳар ёқлама талқини жамоатчилик фикрини тушунишда муайян мураккабликлар туғдириши табиийдир.
Худди шунингдек, жамоатчилик тушунчаси хусусида илм-фанда якдил қарашларнинг йўқлигини эътироф этиш жоиздир. «Жамоатчилик» тушунчаси энг қадимги даврларда хусусан кўҳна Эллада ва Рим давлатлари сиёсатида муҳим ўрин тутган бўлиб, унга халқ фикри нуқтаи назаридан қараб келинган. Гарчи, қадимги Эллада мамлакатида жамоатчилик фикрига муҳим аҳамият бериб келинган бўлса-да, бу масалада кўпроқ дифференциал ёндошув устунлик қилган. Хусусан, халқ фикри зодагонлар, зобитлар, шаҳарликлар, озод афиналиклар фикри периферия (чекка ҳудуд), полислар (….) ёхуд плебейлар (….) ва қуллар фикридан кескин фарқ қилган. Шу боисдан «жамоатчилик» атамаси қадимги Юнон ва Рим давлатларида «эл-халқ мақсад-тилаклари», Германия, Франция ва Англияда «омма хоҳиш-иродаси», Польша ва Чехословакияда «гуруҳ», Россияда «йиғин фикри» маънолари билан уйқаш тушуниб келинган.
Мовароуннаҳрнинг кўп минг йиллик тарихида жамоатчилик атамаси муқаддас тушунчалардан саналиб шахс ва жамоа муносабатларида бирламчи ўрин тутиб келган. У шахснинг таваллудидан бошлаб бутун ҳаёти давомида муайян маёқ вазифасини ўтаб, тартиб-қоидалар, тузуклар, қонунлар, урф-одатлар ва анъаналар тарзида амал қилиб, кишиларнинг хатти-ҳаракатлари, ўй-фикрлари, орзу ва режаларини муайян мақсадлар сари йўналтириб турган. Жамаотчилик фикрининг шахс ва жамият муносабатларида устун мавқега эгалиги «жамоатчилик» тушунчасини эл, халқ, кўпчилик мазмунида тушуниш, «фикр» тушунчасини эса ёндошув, нуқтаи назар маъносида англаш имконини беради. Шу боисдан бизнинг назаримизда жамоатчилик фикри тушунчасини халқ ёндошуви ёхуд халқ нуқтаи назари тарзида тушуниш мақсадга мувофиқдир. Зеро, фикр нуқтаи назар маъносида тушунилганда ўз луғавий мазмуни замирига мулоҳаза, баҳолаш, қарашлар сингари таркибий ҳамда тизимий тушунчаларни ҳам қамраб олади.
Шундай қилиб, жамоатчилик фикри тушунчасига берилган юқоридаги таъриф негизида мазкур ижтимоий ҳодиса моҳияти ва таркибий қисмлари хусусида атрофлича мулоҳаза юритиш маъсулияти мужассамлашганлигини эътиборда сақламоқ лозимдир.
Жамоатчилик фикри тушунчасининг маъно доираси жуда кенг бўлиб, унинг таркибига мазкур ижтимоий ҳодисанинг шаклланиш жараёнлари, фаолият курсатиш шарт-шароитлари, умуминсоний вазифаларни ҳал этишдаги ўрни ва таъсири масалалари ҳам киради. Юқорида таъкидлаганимиздек, жамоатчилик фикри моҳиятини изоҳловчи турли-туман таърифлар мавжуд бўлиб, улар ижтимоий онгнинг бу ҳодисаси мазмунининг у ёки бу жиҳатларини ойдинлаштиришга, тўлақонли яхлит тасаввур шаклланишига шубҳасиз кўмаклашади.
Жамоатчилик фикри атамаси Ғарбий Европада илк даъфа Англия ҳуқуқ назарияси фанида қўлланилган бўлиб, сўнгра у Германия, Франция ва бошқа мамлакатлар ижтимоий-сиёсий ҳаётида кенг фойдалана бошланди.
ХVII ва ХVIII асрларда Англия ижтимоий ҳаётида мазкур муаммо бирмунча тор тушунилиб асосан сиёсий фикрлар жамоатчилик фикри сифатида талқин этилиб, мамлакат парламентида қабул қилинган қарорларга нисбатан халқнинг қарши ёки тарафдор кайфияти жамоатчилик фикри сифатида талқин этиб келинди.
ХVIII аср сўнгига келиб, Англияда шахс эркинлиги ва озодлиги амалда таъминланганлиги, ҳар бир шахсга ўз мулоҳаза ва нуқтаи назарларини ошкора изҳор эта олиш ҳуқуқларининг расман берилганлиги ва қонун йўлида мустаҳкамланиши билан жамоатчилик фикри тушунчаси кенг оммалаша бошлади. Жамоатчилик фикрининг оммалашуви жамиятда унинг расмийлашуви, ташкилий шаклланиши жараёнларини ҳам тезлаштириб юборди. Ижтимоий ҳаёт таркибида турли хил сиёсий оқимлар, партиялар, уюшма ва жамиятлар фаол амалий-назарий саъй-ҳаракатларини бошлаб юбордилар. Турли хил ташкилот ва бирлашмаларга уюшган кишилар табиат ва жамият хусусидаги тасаввур ва режаларини янада кенгроқ ёйиш мақсадларида оммавий ахборот воситалари тараққиётига ҳам кучли туртки бердилар. Бу эса жамоатчилик фикри юзасидан бой эмпирик материалларнинг тўпланиши ва натижада уни назарий тадқиқ этиш жараёни долзарб масала сифатида кун тартибига қўя бошлади. Бу хусусда амалга оширилган илк тадқиқотлар хусусидаги маълумотларини Д.Брайс1 ва Ф. Гольцендроф2 асарларида учратамиз.
Бу асарларда илгари сурилган фикрларга кўра, Ғарбий Европада жамоатчилик фикри ХIХ аср охирига қадар ҳуқуқшунослик фанининг предмети сифатида ўрганиб келинган. ХХ аср бошларидан эътиборан эса жамоатчилик фикри билан ижтимоий психология фанининг йирик намоёндалари жиддий қизиқа бошладилар. Қисқа вақт ичида Г.Лебон, В.Баур, Ч.Кули, У.Липман ва бошқа йирик мутахассисларнинг салмоқли тадқиқотлари нашрдан чиқазилди. Бу асарларда жамоатчилик фикри ижтимоий онгнинг муайян ҳолати, илмий бошқаришга мойил ходиса эканлиги, муайян йўналишлардаги мотивацион омиллар ҳосиласи сифатида талқин этилди.
Жамият ҳаётига социология фанининг кириб келиши жамоатчилик фикрининг ижтимоий аҳамиятини кескин кучайтирди. Жамоатчилик фикри социология фанининг узвий тадқиқот объекти сифатида атрофлича ўрганила бошланди. Айни чоғда мазкур муаммони илмий таърифлаш ҳамда ёндошишда қатор плюаралистик нуқтаи назарлар илгари сурила бошланди.
Хусусан, таниқли социолог М.Оугл фикрига кўра, жамоатчилик фикри моҳиятини изоҳлашда якдил нуқтаи назарнинг шаклланмаганлигини бу борадаги илмий-назарий хаос ҳалигача барҳам топмаганлигини алоҳида куюниб таъкидлайди3.
Ахлоқшунос ва психолог мутаҳассислар мазкур ижтимоий муаммони изоҳлашда жамоатчилик фикри ҳодисасига динамик такомилдаги ўзгарувчан ижтимоий-руҳий ҳолат деб ёндашишга мойил бўлсалар4, сиёсатшунослар уни ижтимоий онгнинг муайян мустақил шакли деб асослашга ҳаракат қиладилар5.
Буюк Британия жамоатчилик фикри институтининг директори Г.Дюрент жамоатчилик фикри жамият маънавий ҳаётининг том маънодаги мураккаб ижтимоий ҳодисаси эканлигини қайд этиб, ана шу мураккаблик боис уни лўнда ва яхлит тавсифлаш ва таърифлаш имкони йўқлигини, бу жараённинг қўл билан ушлаб бўлмайдиган, кўз билан кўриб илғамайдиган, ҳеч қандай ўлчовларга мувофиқ тушмайдиган серқирра ҳодиса эканлигини таъкидлайди6. Рус мутафаккир файласуфлари Герцен, Бакунин, П.Ткачев ва бошқалар рус халқи жамоатчилик фикрининг негизида артель, яъни жамоа (коллектив) туришини махсус таъкидлайдилар. Артеллар рус халқининг муайян гуруҳ, уюшма ва жамоалар доирасида «уюшувга интилишлари кучли жиҳат эканлигини исбот этади»8. Зеро, артеллар кўп асрлар давомида рус деҳқонларини иқтисодий ночорликка тушишдан сақловчи ҳаётий омил вазифасини ўтаб келди.
Шубҳасиз, жамоатчилик фикри кишиларнинг у ёки бу ҳодисага нисбатан билдирган эътирозлари ёҳуд эътирофлари асосидаги муносабатлар асосида, таклиф ва истаклари жамул-жам намоён бўлишини таъкидлайдилар. Жамоатчилик фикри моҳиятини умумий тарзда ва тўғри баҳолашда америкалик социолог У.Липман нуқтаи назари эътиборга лойиқдир. «Жамоатчилик фикри, деб таъкидлайди у, кишиларнинг умумий, жамоавий манфаатлари ифодасидир»9.
XIX аср француз жамиятшунос — олими А.Сонининг фикрича, жамоатчилик фикри ўз ижтимоий-сиёсий ғоялари ва нуқтаи назарларини тарғиб-ташвиқ этиш оммалаштириш имконига эга бўлган ҳар қандай гуруҳ томонидан ҳам шакллантирилиши мумкиндир10. Англиялик файласуф Ж.Локк жамоатчилик фикри таъсир доирасини торайтириб тушунтиришга уринади. Унинг фикрига кўра, жамоатчилик фикри жамоа ахлоқий қарашларининг ифодасидан бошқа нарса эмас11. Юқорида номи тилган олинган тадқиқотчи Г.Дюрент эса жамоатчилик фикрини сиёсатшунослик назариясининг тадқиқот объектига боғлашга уринади12. Табиийки, бундай ёндошувлар жамоатчилик фикрининг аҳамияти ва ижтимоий таъсири кўламларини етарли англамасликдан бошқа нарса эмасдир.
Жамоатчилик фикрига адабиёт ва санъат, сиёсат ва диний муассасалар арбоблари ҳам турлича изоҳ ва таъриф беришга ҳаракат қилганлар, зеро, аксарият ҳолларда адабиёт, санъат борасидаги истеъдодли асарлар, муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалар, диний қоида ва қарашлар теварагида ҳам кучли жамоатчилик фикри шаклланиши, жамиятда муайян ижтимоий резонанс туғдириши табиийдир.
Шундай қилиб, жамоатчилик фикри ижтимоий онгнинг ахлоқ, сиёсат, санъат, дин сингари шакллардаги маълум ҳолати ва айни чоғда мазкур соҳаларда унинг нечоғли яхлит намоён бўлиш мезони ҳамдир. Гегель ўзининг «Ҳуқуқ фалсафаси» асарида жамоатчилик фикри таркиби ва моҳияти хусусида мулоҳаза юритиб, унга «мувофиқлик» мезонига кўра уйғунлашувчи фикрлар жамулжамидан ўзга ҳодиса эмас деб қарайди. «Кишилар – деб қайд этади улуғ файласуф, – ижтимоий ҳодисалар хусусида ўз мулоҳазаларини изҳор этишлари ҳисобига кўпчиликнинг ўзаро мантиқан мувофиқ умумий фикри юзага келади13. Гегельнинг таъкидлашига кўра, жамоатчилик фикри «халқ ўй-ҳаёли ва ҳоҳишларининг ноорганик бирлашуви ва ялпи намоён бўлиши14дан ўзга нарса эмасдир. Гегель ижтимоий ҳаёт соҳаларининг баъзиларида, хусусан, илм-фан муаммоларига ёндошишда жамоатчилик фикридан фойдаланмаслик нуқтаи назарини илгари суради. У илм-фан чуқур текширилган, атрофлича тадқиқ этилган маълумотлар негизидагина такомил топишини таъкидлайди. Аксарият ҳолларда жамоатчилик фикри «махсус тайёргарликдан ўтмаган кишилар фикр-мулоҳазаларининг йиғиндиси сифатида кўпинча тасодифий далиллар, тасдиқланмаган хабарлар, фисқ-фасод ва ғийбатлар асосида ҳам шаклланиши мумкин»15, деб уқтиради.
Шундай қилиб, Гегель жамоатчилик фикрига баҳо беришда эҳтиёткорлик ва совуққонлик зарурлигини таъкидлаб, масалага бирмунча консерватив ёндошади, бу ижтимоий ҳодисани такомиллашув, бошқарув жараёнларида англашни инкор этади.
Атоқли француз ёзувчиси ва файласуфи Жак Мармонтель жамоатчилик фикрига катта баҳо бериб, кўпчилик томонидан илгари сурилувчи ғоя ва талаблар моҳият эътиборига кўра ҳалоллик ва ҳақиқатдан иборат бўлишини таъкидлайди ҳамда бу ҳаракатга ижтимоий таъсир-тазйиқ кўламларини ҳар томонлама кенгайтириш лозимлигини уқтиради: «Ҳар бир ҳолатда уч асосга, яъни, ҳалоллик, ҳақиқат ва фойдалилик мезонларига таяниш лозимдир»16,- деб таъкидлайди.
Таъкидлаш жоизки, ижтимоий тараққиётнинг кейинги босқичларида, хусусан, XXI аср бўсағасида ва ундан кейин жамоатчилик фикрининг юзага келиши, шаклланиши ва амал қилиши жараёнларида ҳамда унинг таъсир кўламлари кенгайишида илмий билимлар иштироки ҳар томонлама орта бошлади. Бу нарса халқаро «Экосан», «Гринпис» сингари уюшмалар фаолиятларида экомуҳитни сақлаш борасида амалга оширилаётган халқаро дастурлар, ядро қуроли синовларининг табиий муҳитга кўрсатаётган зарарларини асослаб илгари сурилаётган ижтимоий талаблар, планетамиз имкониятлари ва ресурсларидан хўжасизларча фойдаланишга қарши ҳаракатларда яққол ифодасини топмоқда. Зеро, жамият ҳаётига илмий билимлар, фан ютуқлари таъсирининг орта бориши ижтимоий онгнинг инсонийлашуви (гуманизация) тенденциясини кучайтириши табиийдир.
Ҳозирги замон Америка олимлари жамоатчилик фикри таркибини таҳлил этганларида, уни «публика», омма тушунчалари билан мустаҳкам боғлиқликда ўрганишга ундайдилар. К. Юнг ва Л. Фримен жамоатчилик фикрини бирор бир масала, муаммонинг ечими хусусида билдирилган фикрлар жамулжами, шу борадаги эътиқод ва ишонч билан узвий боғлиқликда тушунтирадилар. Жамоатчилик фикри муайян гуруҳнинг бирор бир ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масала хусусида билдирилган эътиқоди, фикр-қарашларининг намойишидир»17.
Бундай изоҳ жамоатчилик фикрини муайян гуруҳ, оломон фикри, жамоатчилик фикри субъектларини эса бевосита табиий ва мазмунан мантиқий уюшувлари зарур бўлмаган тасодифий тўда сифатида тасаввур этишга олиб келади.
Жамоатчилик фикрини юқорида кўриб чиққанимиздек, муайян, мавҳум, гуруҳ, тўда фикри тарзида тушунишни рус олими В.И. Бехтерев ўзига хос асослашга ҳаракат қилади. Олимнинг таъкидлашига кўра, жамоатчилик фикри ташкилий таркиб топган йиҚинлар, яъни расмий жиҳатдан уюшган мулоқот шакллари парламент, съезд, конгресс, мунтазам ўтказиб турилувчи мажлисларда бирлашган жамоалар томонидан ифодаланувчи мулоҳазалар мажмуи ҳамда аник ва конкрет касб-корий соҳалар, яъни қалам аҳли-ёзувчи ва шоирлар олами, ўқитувчилар давраси-педагогик муҳит, ҳарбий, тиббий ва бошқа соҳаларда шаклланувчи фикр-қарашлар жамулжамидан иборатдир. В.И. Бехтерев расмий уюшган йиҚинларда билдирилувчи фикрларни амалий кучга эга бўлган жамоатчилик фикри сифатида оломон томонидан ўртага қўйилувчи талаб ва таклифларни эса амалий кучга эга бўлмаган пассив жамоатчилик фикри тарзида талқин этади.18
Мазкур хулосалардаги умумий фикр билан жамоатчилик фикри ўртасидаги муайян миқдорларда ўзига хослик ёхуд фарқ мавжудлигини эътироф этган ҳолда умумий фикр ва жамоатчилик фикри ўртасидаги «Хитой девори» қўйиб талқин этиш мақсадга мувофиқ эмасдир. Бинобарин, бизнинг назаримизда умумий фикр жамоатчилик фикрининг уйҚун таркибий қисми ҳисобланади ва улар муайян ижтимоий мақсадларга эришиш жараёнларида бири иккинчисини тўлдириб боради. Жамоада юзага келувчи нуқтаи назарларнинг тадрижийлиги ҳар қандай фикрнинг тугал ижтимоий моҳият касб этишида кишиларнинг турли мулоқат шаклларидаги мулоҳазалари суайян жараёний босқичлар вазифасини ўтаб боришини ҳам таъкидлаш лозимдир. Айни чоғда жамоалар фикри ўзиниг мазмунан тўлақонлиги ва яхлитлиги, ҳаққонийлиги ва адолатлиги, ҳаёт манзараларига мувофиқлиги билан ажралиб туради. Ваҳоланки, тоталитар тузум даврида жамоаларда шакллантириладиган ижтимоий фикр марксча-ленинча мафкура нуқтаи назаридан деформация қилинар ва реал борлиқ муаммоларини айнан ифода этишдан маҳрум эди.
Демак, жамоатчилик ҳодисасининг муҳим таркибий ва жараёний белгиларидан бири кишиларнинг ижтимоий воқелик хусусидаги тасаввурларининг нечоғли ҳаққонийлиги, уларнинг мафкуравий таъсир тазйиқлардан ҳолилиги ҳамда жамоавий фикр-қарашларнинг мазмунан якдиллигидан иборатдир. Алоҳида шахс фикрининг жамоа фикрига монанд ва айнанлиги шу жамоага уюшган кишилар бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боисдан ҳам жамоатчилик фикри негизларидан бири унинг жамоавий хусусиятга эгалиги, унга ҳар жиҳатдан мустаҳкам таянишидир. Жамоа аъзоларининг ўзаро муносабатлари нечоғли мустаҳкам, беғараз ва табиий бўлса, жамоавий фикр ҳам шунчалик ҳаётий, кучли ва яхлит мазмун касб этади. Зеро, улуғ мутафаккир Ибн Сино Ҳазратлари айтганларидек, «ўзаро боғлиқлик ва алмашув жараёнларида инсонлар бир-бирларини қандайдир муҳтожликдан ҳоли этадилар. Бунинг учун инсонлар ўртасида ўзаро келишув зарур бўлиб, бу келишув туфайли адолат қоидалари ва қонунлари ўрнатилади»19.
Демак, жамоа, жамоавий фикр жамоатчиликнинг умумий нуқтаи назари учун асос вазифасини ўтар экан, мазкур асоснинг мустаҳкам ёҳуд заифлигига кўп нарсалар боғлиқдир. Бу хусусда хазрат Беруний шундай деганлар: «Ожиз асосларга эга бўлган ғоялар, фан ва соҳалар ожиз натижаларни келтириб чиқаради. Улардан келиб чиқувчи хулосалар ҳақиқий илмларга нисбатан чалкашдир20».
Бинобарин, кишиларнинг жамоада узоқ йиллаб ёнма-ён туриб меҳнат қилишлари, бир хил йўналишдаги иш бажаришлари, ҳаёт ташвишларини ҳал этишга деярли бир хил вақт сарфлашлари, ўзаро яқин иқтисодий-маиший аҳвол уларнинг интеллектуал-маънавий даражалари, ҳиссий-эмоционал ҳолатлари ва ҳатто эстетик дидлари, қизиқишу интилишларининг ўзаро муштараклигини таъминлаб беради.
Муайян воқеа хусусида қатъийлашган жамоатчилик фикри эса жамоада ва жамоадан четдаги шахсларнинг фикр-қарашлари, ёҳуд мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнайди.
Жамоатчилик фикрининг шаклланиш жараёнлари ҳам мураккаб ва кўпқирралидир. Агар ижтимоий ҳодиса турли гуруҳ, жамоалари тақдири ва манфаатларига таъсир этувчи мазмунга эга бўлса, бундай-жамоатчилик фикри хилма-хил нуқтаи назар ва мулоҳазаларнинг муросасиз баҳслари жараёнида бамайлихотир шакллана боради. Бундай бўлишига сабаб аввало, жамоаларнинг ҳаёт ўзгаришларига иқтисодий, ижтимоий ва маданий тайёргарлик даражаларининг номутаносиблиги ҳамда аҳоли қатламларида ижтимоий воқелик хусусидаги информация-маълумотларнинг етарли ёки етарли эмаслиги кўп жиҳатдан боғлиқлиги билан изоҳланади. Ижтимоий-сиёсий воқеа ва ҳодисалар хусусида маълумотлар нечоғли камчил бўлса, фикрлар номувофиқлиги ва баҳси шу қадар кескинлаша боради.
Шу боисдан ҳам муайян ижтимоий воқеа хусусида маълумотлар миқдор ва сифат жиҳатидан қанчалик тўлақонли ҳамда ишончли бўлса, жамоатчилик фикри мантиғи ҳам ҳаёт ҳақиқатига шунчалик мувофиқ бўлади ҳамда ижтимоий ўзгаришлар йўналишига кўпроқ ва самаралироқ таъсир кўрсата олади. Абу Райҳон Беруний таъкидлаганларидек, «Хабар хабарчилар сабабли рост ва ёлғон тусини олади»21. Бу одат инсонга хосдир, чунончи «биров ўзи севадиган бир табақага миннатдорчилик билдирмоқчи бўлиб, ёки ёмон кўрадиган бир синфни хафа қилмоқчи бўлиб, улар тўғрисида ёлғон хабар тарқатади. У бу хабарни дўстлик ё душманлик натижасида тарқатган бўлади»22.
Тўғри, ёлғон ахборот муайян таъсир кучига эга бўлиб, жамоатчилик резонансини намоён этса-да, бу ҳол ўзининг ўткинчи табиатга кўра ҳамиша ҳам пировард натижаларга олиб кела олмайди. Одатда ёлғон информациялар шахслар томонидан халқлардаги маълум статик тасаввур ва тушунчаларни турғун сақланиб турилиши учун уларга шуурига атайин мақсадли сингдирилиб борилади. Шу нарсани таъкидлаб тушунтириш лозимки, кишиларнинг саъй-ҳаракатлари, хулқи, юриш-туришлари аҳволига маъқуллаш ёки танқид қилиш орқали тазйиқ кўрсатиш, уларни ижтимоий мақбул йўналишга буриш жамоатчилик фикри ҳодисасининг муҳим вазифаларидан биридир. Бу борада масалага дифференциал, ёндошиш, жамиятдаги кишиларнинг ақлий-интелектуал жиҳатлардан ўзаро фарқланиши ва ана шу фарқ нисбатлари жамоатчилик фикрининг таъсирчанлик даражасига сезиларли таъсир кўрсатишини унутмаслик лозим. Жамиятда муайян таъсир имкониятларига эга шахслар жамостчилик фикри учун асос бўладиган масаланинг туб моҳиятларини англашга, умумий ҳаракатга онгли тарзда ҳиссасини қўшишга интиладилар. Етарли билим ва салоҳиятга эга бўлмаган шахслар эса аксарият ҳолларда инерция кучли ёҳуд бошлари гангиб ижтимоий-сиёсий воқеликка аралашиб кетадилар. Бу борада улуғ мутафаккир Абу Райхон Беруний эътирозга ўрин қолмайдиган ибратли ўгитларни айтиб кетганлар: «Авом халқнинг табиати сезги орқали англаниладиган нарсалар билан чекланиб, асосдан келиб чиққан шаҳобчаларга қаноат қилади, асоснинг текширилишини истамайди»23 Чунки, «билимсиз кишиларнинг кўнгли хурофотга мойил бўлади»24. Шу боисдан ҳам интеллектуал такомилга эришган ақлли-фаросатли шахслар ўз саъй-ҳаракатларининг умуминсоний талабларга нечоғли мувофиқ келишини жамоатчилик фикри томонидан маъқулланиш даражасига кўра ўлчашга мойилдирлар. Жамоатчилик фикринг муайян воқеа хусусида эътирофий ёҳуд эътирозий нуқтаи назари шахс хатти-ҳаракатларига кучли тазйиқ ўтказиши нафақат оддий-одатий тажрибадан, балки конкрет социологик манбалардан ҳам маълумдир.25
Жамоатчилик фикрининг шахсга ишонч ва умидий муносабати уни кишилар ташвишига жонкуяр, бева-бечора, етим-есирга меҳрибон, халқ тақдирига ҳамдард ижтимоий куч сифатида шаклланишига имкон туғдиради.
Жамоатчилик фикрининг тадрижий шаклланиш жараёнлари одатда қуйидаги тартибларда амалга ошади: биринчи босқичда ижтимоий ҳолат, далил, ҳодиса таъсирида алоҳида шахслар онгида индивидуал фикр-таассуротларнинг юзага келиши: иккинчи босқичда алоҳида шахслар фикрларининг суҳбат, баҳс, муҳокама, йиҚин ва митинглар воситасида жамоа фикрига айланиши: учинчи босқичда эса жамоалар фикрининг сифат ўзгаришига юз тутиб, жамаотчилик фикрига айланишини ифодаловчи нуқтаи назарлар уйғунлашуви ва бирлашуви жараёнларидир.
Жамоатчилик фикрининг шаклланишига оммавий ахборот воситаларининг радио, телевидение, жамоат ташкилотлари фаолиятлари кучли таъсир кўрсатади.
Ислом дунёсида фикр алмашув масаласига жиддий эътибор қилиниб, бу омил инсонларни нафақат ўзаро жипслаштириш, балки уларни ҳақиқатни англашга ва пирвордида эса халққа яқинлаштиришга имкон берувчи восита эканлиги уқтирилади. Хақиқий мусулмон фарзанди бирор сайи ҳаракатнинг бошини тутмоғи учун англанган ҳақиқатга эришмоғи, бу йўлда қатъият ва ирода кўрсатмоғи лозимдир. Улуғ устозларимиз ҳаёт ҳақиқатларини англамоғимиз учун аввал бошда маълум руҳий ва интеллектуал тайёргарликларни ўтамоқ лозимлигини тайинлайдилар. Бу борада тасаввуфнинг буюк намоёндаси Хожи Баховуддин Нақшбандийнинг сўзлари ибратлидир: «Толиб аввало бизнинг дўстларимиз билан ҳамсуҳбат бўлиши зарур, токи унда бизнинг суҳбатимизга нисбатан қобилият пайдо бўлсин»26. Улуғ хазрат умумий, якдил фикр шакллантиришдан бош мақсад хақиқатни билмоқ моҳиятан ҳаққа яқинлашмоқ эканлигини, бунинг учун эса бевосита мулоқат, бахс суҳбатлар асносида ҳар бир инсон ўзлигини чуқурроқ англаб олиши зарурлигини таъкидлайдилар. «Толиб амал қилиши зарур бўлган шароитларда бири шуки, у Хақ таоло дўстларидан бири бўлган бир дўст билан ҳамсуҳбат бўлиб, ўз ҳолидан воқиф бўлиши зарур. Суҳбат замонини ўзининг ўтмиш замони билан солиштириб кўрсин, нуқсонда камол сари кетаётганини ўзида мушоҳада қилса, бу азизнинг суҳбатида мулозаматда бўлишини ўзи учун фарзи айн хисоблансин»27.
Хулоса қилиб айтганда, жамоатчилик фикри ўз табиатига кўра динамик хусусиятга эга ижтимоий ходисадир. У жамиятда узоқ йиллаб статик холатда яшаб келувчи пассив ижтимоий фикрлардан энг аввало, мақсаднинг конкретлиги, ижтимоий фикр реал-моддий кучга айланиб борганлиги, қатнашчиларнинг потенциал ва реал сони нисбати, масалани хал этиш қуввати-хосиласига кўра фарқланиб туради. Айни чоғда у жамиятда муайян мақсадларга эришиш йўлида интилувчи турли хил аморф йиҚинлардан ҳам фарқлидир.
Янги Ўзбекистон шароитида жамоатчилик фикрининг ижтимоий аҳамияти янада муҳим аҳамият касб эта бошлади. Унинг амалий аҳамият фаолият сарҳадлари кенгайиб, жамият ҳаётида кўрсатадиган таъсири кўламлари кескин орта бошлади.
1 Д.Брайс. Американская республика в трех частях, ч.III, М., 1980г.
2 Ф.Гольцендорф. Общественное мнение, СПБ, 1880г.
3 Ougl M. Public opinion and Politcal dynamics.-Boston: L.etc, 1950.p.40/
4 The Harris Survey Year Book of Publik Opinion. N.Y., 1970.P. 28-36.
5 A. Compedium of Curneant American Attitudes.N.Y., etc, 1970. 96p.
6 The Britush Journal Sociology. Vol. n. 2. 1955 June.
8 М. Бекмуродов. Мовароуннаµрда жамоатчилик фикри тарихи. Т.Фан. 1994,б.9.
9 Lipman W. Publik opinion. N.Y., etc, 1992. 96p.
10 Sapvy A. Lopinion public. Psris, 1956.P.5-9.
11 Дж.Локк. Избранные философские произведения в двух томах: Т.1. М.: Соц. Эк.гиз., 1960.С.356.
12 Г.Дюрент. Кўрсатилган манба. 153-бет.
13 Гегель. Сочинения, том YII.М.-Л.: Соцэкгиз, 1934, 336-б.
14 ўша ерда, 324-бет.
15 ўша ерда, 341-бет.
16 Қаранг: Симфония разума. М.: Молодая гвардия, 1977, 72-бет.
17 Г.Беккер, А.Босков. Современная социологическая теория в ее преемственности и изменении.М.,1963,с7632
18 Қаранг: Бехтерев В.И. Коллективная рефлексология, СБП, 1921. С.87.
19 Б.Э. Рыховский Философские наследия Ибн Сины. //Вопросы философиии, 1955, №5. С.22.
20 Абу Райхан Беруний. Избранные произведения. Ташкент, 1966, стр. 260.
21 Абу Райҳон Беруний. 100 Ҳикмат, Т.:Фан, 1993, 15-бет.
22 Шу ерда, 16-бет
23 Абу Райҳон Беруний. 1001 Ҳикмат, Т.: Фан, 1993,14-бет.
24 Шу ерда, 7-бет.
25 Қаранг: М.Бекмуродов. Социология асослари. Т.: Фан, 1994, 32-47-бетлар.
26 Абул Муµсин Мухаммад Боіир Ибн Мухаммад Али Баховуддин Балогардон. Т.Ёзувчи, 1993, 77-бет.
27 Абул Муҳсин Мухаммад Бобир Ибн Мухаммад Али Баховуддин Балогардон. Т.Ёзувчи, 1993, 79-бет.