Республикамизда ёшларни жисмоний соғломлаштириш масалалари

Ч.Б.Ахмадова
ЖДПУ ўқитувчиси

Аннотация: Мазкур мақоладаёшларга оид давлат сиёсатини юритишда аввало, уларнинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш, уларни маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топтириш, сифатли таълим олишлари ҳамда соғломлаштириш ва спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланишни таъминлаш борасида муҳим масалалар ёритилган.

Калит сўзлар: соғлом турмуш тарзи, жисмоний баркамоллик,  соғломлаштириш,  жисмоний тарбия, функционал тайёргарлик, маҳалла, жисмоний машқлар, маьнавият.

           Мамлакатимизда ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия, соғломлаштириш ва спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланишни таъминлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

         Ёшларга оид давлат сиёсатини юритишда аввало, уларнинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш, уларни маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топтириш, сифатли таълим олишлари, ўз иқтидорларини намоён қилишлари учун етарли шароит яратиш ва қўллаб-қувватлаш муҳим саналади.

Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари суриши бежиз эмас. Хусусан, иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган. Ўтган давр мобайнида республикамиз, вилоятимиз, хусусан, Бухоро давлат университетида жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш, ёшларнинг соғлом турмуш тарзига риоя қилишини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Спорт тўгараклари фаолияти жонлантирилди, оммавий спорт турлари мусобақаларнинг мунтазам ўтказиб борилиши йўлга қўйилди. Ўйлайманки, бугун ташкил этилган анжуман ҳам жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга хизмат қилиб, бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар кўламини белгилаб беради.

[1]2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида тузилган йўл харитасида ушбу йўналиш бўйича ҳам вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида урғу берилди.

Ёшлардан соғлом фарзанд туғилиши учун ота-она оиласида соғлом турмуш тарзи билан ўсган бўлиши ва улар ҳам фарзандларига жисмоний ҳамда маънавий тарбия беришга тайёр бўлиши талаб қилинган. Кейинги даврда Ўрта Осиёни эгаллаган халқларнинг маънавий мероси ҳам кенг тарзда ўзлаштирилган. Маҳаллий халқлар ўз ўрнида кўчманчи халқларнинг жисмоний машқларга бой бўлган меросини ўзлаштирган. Бундай таъсирни Ўрта Осиёдаги Кушонлар маданияти, Туркий қавмлар маданияти орқали кўришимиз мумкин. Шу даврда отлар билан бўладиган машқлар, жанг машқлари ва унда керак бўладиган бошқа жисмоний машқлар ва машғулотлар маҳаллий халқлар томонидан кенг қўлланилганлигини илмий адабиётларда учратамиз. Беруний, Форобий, Ибн Сино ва бошқа алломаларимиз жисмоний етукликни назарий асосларини очиб бериш билан бирга ўзлари ҳам жисмоний машқлар билан бевосита шуғулланганликларини ёзиб қолдиришган. Жисмоний етуклик Ибн Синонинг қарашлари бўйича инсондан доимий машғулотлар билан шуғулланиб туришни талаб қилган. Ибн Синонинг фикрлари бугунги кунда ҳам спорт соҳасида хизмат қилаётган мураббийлар, устозлар ҳамда спортнинг қайси тури бўлишидан қатъий назар, шуғулланаётган ёшлар учун қадрлидир. Алломаларимиз ўз қарашларида жисмоний машқлар деганда инсон кундалик бажарадиган машғулотларни, югуришни, юришни, сакрашни отда бажариладиган машқлар ва бошқа жисмоний харакатларни тушунган. Уларнинг жисмоний қарашларида инсон организми соғломлиги ва унинг соғлом бўлиши учун керак бўладиган озиқ-овқатларга алоҳида эътибор берилган. Табиат яратган маҳсулотлардан кенг фойдаланиш кўрсатиб ўтилган. Бу тавсиялар ҳозирги кунда ҳам спортчиларимизнинг дунё спорт майдонларида бўлиб ўтадиган мусобақаларда яхши натижа кўрсатиши учун ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бугунги кунда илгари етарли аҳамият берилмаган инсон омили компонентларининг аҳамиятини фақат назарий идрок этиш эмас, балки уларнинг тарихий қимматини амалий фаолиятда кўриб чиқиш вақти келди. Хусусан назарияда ҳам ишлаб чиқаришда ҳам  жисмоний тарбияга муносабат ўзгараяпти. Меҳнатнинг барча турдаги жисмоний имконият белгилари уларни фаоллаштириш, инсон саломатлиги даражаси эътиборга олинаяпти. Аҳоли соғломлиги тушунчасини назарий тадқиқот сифатида тугалланган деб бўлмайди. Бу тушунчанинг кўпгина компонентларини очиб бериш пайти етиб келди. Буни аввало инсон фаолиятини фаоллаштиришда, унинг меҳнати самарадорлигини оширишда, соғлом турмуш тарзи учун шароитлар яратишда, шахс жисмоний тарбияси ўрнини мустаҳкам белгилашда деб тушунмоқ зарур.

[2]Жисмоний тарбия ва спорт мамлакат фуқаролари умумий маданиятининг ажралмас бир қисми бўлмоғи зарур. Инсонпарварлик жамиятини ривожлантиришнинг замонавий босқичида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ўқувчиларнинг умумий жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш, уларнинг иқтидорини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳим аҳамият касб этади. Бошланғич таълимдаги жисмоний тарбия дарслари ўқувчиларда ҳаракатлантирувчи билим ва малакаларни шакллантиришни, уларнинг ҳар томонлама муносиб камол топишига хизмат қиладиган жисмоний тайёргарлик негизининг асосларини яратишни назарда тутади. Жисмоний тайёргарлик соғлом бўлишнинг энг муҳим шарти, унинг яхшиланиши эса мактаблардаги жисмоний тарбия машғулотларининг соғломлаштиришга йўналтирилиб, юқори даражада ўтилишига боғлиқ. Анъанавий усулда ташкиллаштирилган жисмоний тарбия дарслари мактаб ўқувчиларининг маълум бир жисмоний имкониятларини ривожлантириш, мазкур ёшдагилар учун характерли бўлган билим ва малакаларни, жисмоний тарбия талабларига жавоб берадиган билимларни шакллантиришга қаратилган, холос. Бундай ўқув машғулотини ташкиллаштириш жараёнида болаларнинг жисмоний тайёргарлиги ва ҳаракатлана олиш имкониятининг турличалиги боис жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ҳар бир ўқувчи билан алоҳида ёхуд уларни даражаларга ажратган ҳолда ўз мақсадларини амалга оширишлари лозим. Бироқ бу масалага таълим жараёнида кам эътибор берилмоқда. Ўқувчилар жисмоний тарбиясининг замонавий концепциядаги муҳим жиҳати шундаки, унда жисмоний тарбия дарсларида соғломлаштириш муаммосининг ролини оширишга қаратилган. Афсуски, таълим жараёнида бу йўналишга етарлича эътибор берилмаяпти. Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, бошланғич синф ўқувчиларига жисмоний тарбия машғулотларини ўтиш жараёнида назарий ва методик билимларни соғломлаштириш технологиялари билан қўшиб олиб боришнинг самарали усуллари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Ушбу муаммонинг ечимини топиш турли даражада жисмоний тайёргарликка эга бўлган бошланғич синф ўқувчиларининг соғлигини мустаҳкамлаш ва асрашда ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Жисмоний тарбия дарслари бўйича илгари ишлаб чиқилган тизимнинг номукаммаллиги яна шундаки, унинг асосий мақсади соғломлаштирувчи эмас, балки таълимий характер асосида тузилганлигидир. Мактаб жисмоний тарбия тизимида, шунингдек, ўқувчиларнинг жисмоний ривожланганлиги ва функционал тайёргарликни инобатга олган ҳолда жисмоний зўриқиш машқларга индивидуал ёндашувнинг мавжуд эмаслигидир. Бу эса жисмонан соғломлик даражасини аниқлаштиришда диагностик методиканинг қисман назарда тутилмаганлиги билан боғлиқдир. Жамиятнинг, айниқса, болаларнинг жисмоний тайёргарлигини яхшилашга эришиш учун жисмоний тарбия ва спорт аҳолининг барча қатлами учун кундалик турмуш тарзининг ажралмас бўлагига айланиши лозим. Буни амалга оширишнинг самарали усули шуғулланувчи болаларда жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари тизимига доимий ижобий муносабатни шакллантиришдир. Мазкур муаммонинг ечими кўп жиҳатдан шуғулланувчи болаларнинг бу машғулотларга нечоғлик қизиқишлари ва қониқишларига боғлиқ. Шу боис жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига бўлган муносабатни ўрганиш нафақат ижтимоий ва психологик, балки дарс жараёнида онглилик ва фаоллик тамойилини амалга оширувчи муносабатни шакллантиришга хизмат қилувчи назарий ва амалий педагогик таълимга тўғридан-тўғри аҳамият касб этувчи муаммо ҳамдир. Шуғулланувчиларда жисмоний тарбия ва спорт дарсларига нисбатан пайдо бўлган норозиликнинг келиб чиқиш омилларини ўрганиш уларда машғулотларга бўлган онгли муносабатни ўрганишига ёрдам беради, уларнинг жисмоний тарбия дарслари жараёнидаги фаоллигини оширади. Жисмоний тарбияда индивидуал ёндашувни комплекс амалга ошириш зарурати жисмоний тарбия дарслари жараёнида йўл қўйилаётган айрим ҳолатлар туфайли пайдо бўлди. Ўқувчиларнинг қобилият ва иқтидорини намоён этишга қаратилган барча болалар учун бир хил бўлган умумий таълим уларнинг етарли даражада интенсив риавожланишига кафолат беролмайди. Бу биринчи навбатда бир синфда ўқийдиган ўқувчиларнинг бир хил эмаслигига, уларнинг қизиқиш ва қобилиятларининг турфалигига боғлиқ. Ўқитилаётган гуруҳларда шундай ўқувчилар бўлиши мумкинки, уларга ўтилаётган ўқув материали аллақачон таниш, ҳаракатлантирувчи машқлар эса ҳеч қандай қийинчилик туғдирмаслиги мумкин. Бундай ўқувчиларнинг машғулотларда қатнашиши ўқитувчи томонидан алоҳида инобатга олиниб, ўзлаштиришларида нисбатан юқори натижага эриши учун уларга берилаётган топшириқни янада мураккаброқ қайта ишлаб чиқиш, ҳаракатлантирувчи машқларни чуқурлаштириш талаб этилади.


[1]Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 28.01.2022 йилдаги ПФ-60-сон

[2] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 27.05.1999 йилдаги 271-сон

АДАБИЁТЛАР

  1. Каримов И.А. Янгича фикрлаш ва ишлаш –давр талаби . Асарлар, 5- жилд. Тошкент, “Ўзбекистон”, 1997. -360 б.
  2. Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. Баркамол авлод орзуси – Т. : Шарқ, 1999. – Б.8-30.
  3. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва оилйжаноб халқимиз билан бирга қурамиз. Тошкент “Ўзбекистон” – 2017 й.
  4. Ш.Мирзиёев Еркин ва фаровон демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо етамиз. “Ўзбекистон” НМİУ, 2016 й.
  5. К.Рахимқулов, Г.Хўрозов “Спорт иншоатлaри” Касб-ҳунар коллежлари учун ўқув қўлланма.
  6. Шадиметов Ю. Научно-технический прогресс, образ жизни и здоровье. Т.Узбекистан, 1987.
  7. Abdullaev A., Xonkeldiev SH. Jismoniy tarbiya nazariyasi va metodikasi. – Fargona. 2001.
  8. Nasriddinov F.N., Kosimov A.Sh. O’zbek xalq milliy o’yinlari. I to’plam – Toshkent, 1998.
  9. Usmonxo’jaev T.S. Jismoniy tarbiya. – Toshkent, 2008.
  10.  Xo’jaev F. O’zbekistonda jismoniy tarbiya. – Toshkent: O’qituvchi, 1997.
  11. Nomurodov A.N. Jismoniy tarbiya. – Toshkent, 1995.