Мутафаккир-шоирлар ижодида анъанавий Инсонга ишонч ғоясининг таърифий саодати
(Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо асарлари асосида)
Қаршиев Ислом Эгамқулович,
ЖДПУ ўқитувчиси
Аннотация
Ушбу мақолада XVII-XVIII асрларда Марказий Осиёда яшаб, ўз ижоди ва фаолияти билан жамият ва омма маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган маърифатпарвар мутафаккирлар Сўфи Оллоёр ва Хожамназар Ҳувайдо ижодида кўтарилган анъанавий фалсафий гуманистик ғоялар тадрижи ва тараққиёти масалалари ижтимоий-фалсафий нуқтаи назардан таҳлил қилиган.
Калит сўзлар: маънавият, шахс, эътиқод, илм, шукроналик, гуманизм, эҳтиёж, саховат, салаф, халқ, маърифат, мурувват, “Сабот ул-ожизин”, “Роҳати дил”, “Иброҳим Адҳам”, тасаввуф, тариқат, жамият, яхшилик, адолат, бағрикенглик ҳадис, шоир, ғазал, ишқ, маърифат, тавба, таълим, тарбия, ахлоқ.
Развитие традиционных гуманистических идей в творчестве мыслителей-поэтов
(По произведениям суфия Олойора, Хувайдо)
Каршиев Ислам Эгамкулович,
Преподаватель ЖДПУ
Абстрактный
В данной статье проблемы прогресса и развития традиционных философско-гуманистических идей, поднятых в трудах суфиев Оллоёра и Ходжамназара Хувайдо, просвещенных мыслителей, живших в Средней Азии в XVII-XVIII веках и внесших достойный вклад в подъем общества и общественная духовность с их творчеством и активностью анализируются с социально-философской точки зрения.
Ключевые слова: духовность, личность, вера, наука, благодарность, гуманизм, нужда, щедрость, салафы, народ, просвещение, доброта, «Сабот уль-Оджизин», «Рохати дил», «Ибрагим Адхам», суфизм, секта, общество, добро, справедливость, терпимость, хадис, поэт, газель, любовь, просвещение, покаяние, образование, воспитание, нравственность.
Development of traditional humanist ideas in the works of thinkers-poets
(Based on the works of Sufi Oloyor, Huvaido)
Karshiev Islam Egamkulovich,
Teacher of JDPU
Abstract
In this article, the problems of the progress and development of traditional philosophical humanistic ideas raised in the works of Sufi Olloyor and Khojamnazar Huvaido, enlightened thinkers who lived in Central Asia in the XVII-XVIII centuries and made a worthy contribution to raising the society and public spirituality with their creativity and activity, are analyzed from a socio-philosophical point of view.
Key words: spirituality, personality, faith, science, gratitude, humanism, need, generosity, Salaf, people, enlightenment, kindness, «Sabot ul-Ojizin», «Rohati dil», «Ibrahim Adham», Sufism, sect, society, goodness, justice, tolerance hadith, poet, ghazal, love, enlightenment, repentance, education, upbringing, morality.
Шўролар даврида ахлоқий меросни ўрганиш буйича муайян ишлар қилинди. Хусусан, ахлоққа оид мутафаккирларнинг баъзи асарлари форс ва араб тилидан ўзбекчага ўгрилди, Форобий, Ибн Сино, Беруний, Навоий, Жомий ва бошқаларнинг ахлоқий қарашлари бўйича диссертациялар ҳимоя қилинди, рисолалар чоп этилди, илмий мақолалар эълон қилинди. Ҳамма иллат шу эдики, бу тадқиқотларда ахлоқ масалалари коммунистик мафкура ва синфийлик нуқтаи назаридан ёритилган эди. Яъни, қайси мутафаккирнинг дунёқараши, ахлоқий фикрлари коммунистик мафкура ва синфийлик тамойилларига тўғри келса, ўша мутафаккирнинг ахлоқий қарашлари мақталиб, ижобий ҳисобланар, тўғри келмайдиганлари танқид қилинар ёки улар ҳақида ҳеч нима дейилмас эди. Ўрта Осиё халқларининг ахлоқий мероси ўрганилганда, жамият иккига бўлинган, яъни қул ва қулдорлар, феодал ва деҳқонлар ахлоқи, буржуа ва коммунистик ахлоқ бир-бирига қарама-қарши қўйилар эди. Тадқиқотларда ахлоқнинг умуминсоний жиҳатларига кам эътибор берилар эди[9].
Сўфи Оллоёрнинг энг машҳур асари “Сабот ул-ожизин”дир. У Саудия Арабистони, Покистон, Туркия каби кўп чет мамлакатларда ҳам чоп этилган. Икки марта шарҳ ёзилган. Бу-асар дунё халқларида катта қизикиш уйғотганини кўрсатади. Асар ўз ғоявий қурилишига кўра гуманистик масалаларни қамраб олган.
Сўфи Оллоёр ўз олдига қўйган буюк мақсадга яшаган замонасида қай даражада эришди, буни аниқ айтиш қийин. Зотан, халқ маънавиятини қисқа муддатда ислоҳ этиш-мураккаб вазифа. Бундан ташқари, шу даврларда ҳукм сурган сиёсий бошбошдоқлик ва ялпи қонунсизлик натижасида «жилови бўш қўйилган» оломоннинг панд-насиҳатга осонликча қулоқ тутмаслигини ҳам тасаввур қилиш мумкин.
Албатта, ҳаётда бино қуриш хайрли ишлардан биридир. Меъморий обидалар тарихимиздан қолган улуғ ёдгорликлардан ҳисобланади. Сўфи Оллоёр назарда тутган “қасру сарой” бойлик эвазига, ортиқча йиғилган молу давлат ҳисобига қурилган, мулкдор кимлигининг намойишига айланган уйлар айни пайтда ортиқча мол-давлатнинг рамзий ифодасидир. Ҳаёт тараққиётида шу нарса ойдинки, молу-дунё инсонга вафолик қилмайди, ҳар қанча қасрлар қурилмасин, давлат йиғилмасин у фоний дунёда қолади. Бундай фалсафий-ахлоқий кечинма адабиётимизда кенг тасвирланган. Чунончи, “Садди Искандарий” достонининг бош ғояси ҳам шундай ҳаётий ҳақиқатнинг бадиий ифодаси сифатида яратилган эди. Аллома фикрича:
Оғритиб ҳар беваю бечорани шому саҳар,
Саъю қўшиш айлабон барбод қилмак арзимас.
Яъни, Етимлар, ғариблар ва бева-бечораларга озор бермаслик масаласи ислом мутафаккир шоирлари ижодида алоҳида мавзу ҳисобланади. Жумладан, Аҳмад Яссавий ижодида “Етимлар бу жаҳонда хор экандурлар, ғариблар иши душвор экандур” каби сатрлар ҳам ана шу мавзуга қаратилган. Ёки қуйидаги парчага эътибор берайлик:
Заиф кўруб ғарибларга тош отмангиз,
Бу дунёда ғарибликтек бало бўлмас.
Бу байтлар билан Сўфи Оллоёр байтлари ўртасида мазмунан ҳамоханглик сезилиб турибди. Лекин ҳар икки шоир ижодида ҳам замонадаги ҳукмдор синф етимларни, бева-бечораларнинг ҳақ-ҳуқуқини топтаган, уларни қийнаган, деган маъно ўз ифодасини топган эмас. Балки уларда шахснинг ахлоқий дунёси, маънавий камолоти назарда тутилган. Ҳаётда яшаш ва тирикчилик учун муҳтожлик сезган кишиларга меҳрли, шафқатли бўлиш масаласи қўйилган. Ёки қуйидаги байтда ҳам ана шундай ғоявий мақсад ифодаланган бўлиб, унда нафсу ҳавога берилиб, ғарибу бечорага озор етказиш қораланади:
Салтанат бирла ўлуб, нафсу ҳавони ушлабон,
Ҳар ғарибу хастага бедод қилмак арзимас[6:14-15].
Ҳадис таълимоти аввало ҳамма яхшиликларнинг ибтидосини Аллоҳга самимий эътиқод деб билади ва шунга асосланиб барча инсонларни маърифатли бўлиб, илм олишга, маданиятли бўлишга, ўзаро иттифоқ бўлиб тинч-тотув яшашга даъват этади. «Сабот ул-ожизин»да Сўфи Оллоёр «Дар баёни маърифати Аллоҳ таоло», «Дар баёни тавҳиди вожиб таоло» шеърларида Худога шукрона қилишнинг ҳаммага вожиб эканлигини билдирган ҳамда Муҳаммад пайғамбаримизнинг бизга йўлбошчи эканлигини унинг ҳаёт тарзи, сўзлари ҳаммага ибрат эканлигини таъкидлаб ўтган. Мутафаккир фикрича, дин Ҳақ тарафидан бандалари учун мурувват этиб кўрсатилган тўғри йўл бўлиб, бундан дунё ва охиратга бу йўл билан иймонни соф сақлаган ҳолда чиқилади. Чунончи, шоир «Сабот ул-ожизин»да иймон хусусида фикр юритиб, қуйидаги гуманистик ғояларни келтиради:
… Агар иймон насиб қилса кишига,
Берур ажрин ани хўб қилмишига…[10:14]
Мисраларнинг замирида инсон умрининг ниҳоятда қисқалиги, қушнинг қўниб ўтганидай тезлиги, бевафолиги, инсоннинг барча умид-орзуларини рўёбга чиқаришда имкон бермаслиги тўғрисида фикр билдирилган. Охирги байт тўғрисида оллоёршунос Рашид Зоҳиднинг «Ёшлик» ойномаси саҳифаларида (1991, №10) эьлон қилинган мақоласида бир шарҳ бор:… Сўнгги мисрада ажойиб тасвир бор. Ичидаги бутун ёмонлик, зулм ва жоҳилияти билан бу дунёнинг рамзи-қоп-қора тундир. Иймон эса пилланинг рангидай оппоқдир:
Бу тунда тут бутун иймонимизни,
Сабоҳ қутқар бу тундин жонимизни[1:41-42].
Тасаввуфда луқма ҳалоллиги асосий шартлардан ҳисобланган. Сўфийлар бировдан тама қилмаганлар, балки ўз тирикчиликларига керакли маблағни ўз меҳнатлари билан топишга интилганлар, ўз эҳтиёжларидан ортганини бева-бечоралар, етим-есирларга бағишлаганлар Бунинг учун ҳар бир тариқат аъзоси бир касб-ҳунарга эга бўлиши талаб этилган. «Маслак ул-муттақин»да у ҳақда шундай дейилади:
Анбиё, ки гузаштанд фаҳасб,
Ҳама буданд фоили як касб.
Мазмуни: «Бу дунёдан ўтган пайғамбарларнииг барчаси бир касбнинг бошини тутган эдилар. Ҳакни таниган бандалар ҳеч қачон бировдан тама қилмаганлар».
Форсий ғазалларидан бирида шайх-шоир ошиқ ўз маъшуқасининг олдига холис ибодат ва қаттик риёзатидан ортиқ туҳфа олиб боролмайди, дейди. Бу фикрлар ғазалнинг тасаввуфий мазмунга эгалиги ва илоҳий маҳбуба-Аллоҳга бағишланганлигидан гувоҳлик беради:
Бе ибодатҳои холис, бе риёзатҳои сахт
Дар харими ёри худ ошиқ нахоҳад бурд рахт.
Мазмуни: «Ошиқ ўз ёрининг ҳузурига холис ибодатлар ва қаттиқ риёзатлардан бўлак нарса олиб боролмайди»[13:349].
Туркийзабон халқлар орасида туркий тиллардаги тасаввуфий адабиётнинг ёйилишида дастлаб Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, кейинчалик Сўфи Оллоёр асарларининг таъсири катта бўлган. XVIII асрдан бошлаб, Хожаманар Ҳувайдо ҳам ўзининг салмоқли асарлари билан уларнинг сафидан муносиб ўрин эгаллай бошлади. Чунончи, шоирнинг «Роҳати дил» асари ва ғазаллари девонидин XVIII аср ва XIX асрнинг учинчи чорагигача бўлган даврда ўнлаб нусхалар кўчирилган. Шунингдек, ўша даврда тузилган аксарият баёзларга Ҳувайдонинг шеърларидан намуналар киритилган. Бу эса ўша даврда Ҳувайдонинг асарларига катта эҳтиёж бўлганлигини кўрсатади. Хожамназар Ҳувайдо XVIII аср ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, мутасаввиф шоир бўлгани ҳолда, у ўзининг салафлари: Аҳмад Яссавий, Бобораҳим Машраб ва Сўфи Оллоёрлар йўлидан бориб, шеърларида Илоҳий ишқ, олижаноб инсоний фазилатларни, ҳалоллик, поклик, ростгўйлик, диёнатлилик, инсонпарварлик, сахийлик, камтаринликни улуғлади; маънавий камолотга эришишда диний қадриятларнинг катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга шоир инсон хулқ-атворидаги диёнатсизлик, иймонсизлик, каззоблик, хасислик, молпарастлик, мутакаббирлик, бировлар ҳақига хиёнат қилиш, нопоклик сингари иллатларни кескин қоралади.
XIX асрнинг тўртинчи чорагига қадар бу эҳтиёж қўлёзма китоблар билан қондирилган бўлса, босмахоналар пайдо бўлиши билан бу иш бироз енгиллашган. Хусусан, XIX асрнинг 60-йилдаридан XX асрнинг биринчи чорагигача шоирнинг «Роҳати дил» ва шеърий девони баъзан алоҳида алоҳида, баъзан бир жилдда Қозон ва Тошкентда 20 маротабадан ортиқ нашр қилиниб, ҳозирги Ўрта Осиё, Қозоғистон ва Волгабўйи туркий халқлари ўртасида тарқатилган. Китоб баъзан мазкур шаҳарларда бир йилнинг ўзида икки-уч қайта нашр ҳам қилинган. Хусусан, 1907 йили Қозонда бир вақтнинг ўзида ака-ука ношир ва матбаачи Каримовлар «Каримия» матбаасида, Ҳусаинов эса «Университет» босмахонасида «Роҳати дил»ни чоп эттирганлар. Бу ўша даврда шоир асарларига Волгабўйи туркийлари ўртасида ҳам қизиқиш кучли бўлганлигини кўрсатади[2:41].
Работи кўҳнага-эски карвонсарой бўлмиш дунёга XVIII асрда яна бир Аллоҳ ошиғи Ҳувайдо бўлиб, бутун оламни яратган Парвардигорга ҳамду сано айтиб, унинг расули Муҳаммад Мустафога дуруду саловотлар айтиб, жами уммати Муҳаммадга бахту саодат тилаб, бандаларни эзгу ишларига чорлаб, шеърият осмонида тўлин ойдек порлаб бир шоир яшаб ўтди. Бу шоир нақшбандия тариқати муршидларидан бири, мутасаввиф олим Хожамназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдодир. Унинг отаси Ғойибназар XVII-XVIII асрларда Марказий Осиё минтақасида пири комил бўлиб донг таратган Ҳидоятуллоҳ Шайх Юсуф ўғли-Офоқхожанинг муриди, Фарғона водийсидаги халифаларидан эди[11:192]:
Ўшал рўзи қиёматни, Илоҳи айлағил осон.
Байтдаги “ҳавл” сўзи “қийин”, “мураккаб”, “қўрқинчли” деган маъноларни беради. Бу истилоҳлар дўзах учун ўринли таъриф. “Ҳавл” сўзининг байт охиридаги “осон” сўзига аксланиб, тазод санъати яратгани ҳам гўзал. Бу кун гуноҳкорлар азоб-уқубатнинг бошланиши бўлса, “ёлғон дунё”да рост яшай олган мўъминлар учун роҳат кунининг бошланишидир. “Охиратнома”[4:36], “Қиёматнома”[5:831], “Маҳшарнома”[3:94] каби кўплаб туркум диний асарларда қиёмат куни билан боғлиқ воқеалар қўрқинч ва даҳшатга тўлиқ таъкид шаклида келади. Улардаги бу усул халқнинг имон-эътиқодини тарбиялаш ниятида қўлланган. Аммо қиёмат ҳамма учун ҳам азоб эмас. Ҳувайдо ориф шоир сифатида кишиларни бундай усуллар билан қўрқитиш акс таъсир этиши мумкинлигини билган. Мутасаввиф шоир халқни Аллоҳнинг лутфу карамли эканлигига ишонтириши билан кишиларни маънавиятга чорлаши табиий. Бу борада Ҳадиси шарифдаги “Дин аҳкомларини халққа осон қилиб кўрсатинглар, қийин қилиб кўрсатманглар. Уларга Аллоҳнинг ваъдаларини гапириб, башорат беринглар, азобларидан кўп гапириб, бездириб куйманглар!”[12:61] деган ўгитларига Ҳувайдо каби мутафаккирлар амал қилганлар.
XVIII аср ўзбек шеъриятида фақат Хўжаназар Ҳувайдо қаламига мансуб бир чистон-муаммони учратамиз. Ҳувайдонинг етти байтли бу ғазал чистонидан абжад ҳисоби билан “Зулфи ишқ” номи чиқади.
Бир пари рўйи кўзумдин ўтмишин кўрдум букун,
Телба айлаб, ақлим олиб кетмушин кўрдум букун.
Ёр базмида Ҳувайдо эрди рашк айлаб рақиб,
Ошиқ аҳли ғунчадек қон ютмушин кўрдум букун[8:122].
Мутасаввиф шайх ва мутафаккир шоирлар Сўфи Оллоёр ва Ҳувайдо фалсафий асарларидаги ирфоний фикрлар негизида билиш, таниш, англаш, тушуниш каби фикрлар устувор маъно касб этади. Ирфон мусулмон шарқи фалсафий тафаккури билан боғлиқ тушунчадир. Тасаввуф Мовароуннаҳрнинг маданий, маънавий, маърифий юксалишида муҳим компонент бўлгани англашилди. Қуръони каримда ирфон-маърифат туйғуси инсонни камолотга етказиш омилидир. Сўфи Оллоёр фикрича, “бу бевафо дунёда мол-мулк учун инсон бир-бирин дилин оғритиб ношод қилмоқ арзимас”, Ҳувайдо фикрича, “дардинг эрур нигорим жисмимда жон ичинда” ошиқ интилган ёруғлик-Аллоҳ нигор образи каби (ошиқ тимсолида) севиш фалсафий талқин қилинади. Ҳувайдо одам Аллоҳнинг бир зарраси, Аллоҳни танишга интилиш, унинг йўлида риёзат чекиш инсонни муродга етиштиради, деб таъкидлайди.
Хуллас, салафларимиз қолдирган бой маънавий-ахлоқий қадриятлар, гуманистик ғояларни тарихийлик нуқтаи назардан холисона ўрганмасдан туриб, ҳозирги вақтда маънавиятни ривожлантириш ва ўсиб келаётган ёшларни тарбиялаш қийин, деб ўйлаймиз. Зероки, Ўрта Осиё халқлари маънавий-ахлоқий меросидаги бахт-саодатга эришиш, бағрикенглик, виждонли ва адолатли бўлиш, нафсни тийиш, ҳалоллик ва ростгўйлик, камтарлик, катталарни ва ота-онани ҳурмат қилиш, меҳнатсеварлик, илм ва касб-ҳунар эгаллаш, имон-эътиқодли бўлиш, ўзгаларга яхшилик қилиш, етим-есир, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, меҳр-мурувватли ҳамда шафқатли бўлиш каби ахлоқий кадриятлар ҳозир ҳам ўз тарбиявий кучини йуқотмасдан келмоқда, улар ёшлар онгига маънавият ва миллий ғояни сингдиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир[7:7].
Адабиётлар рўйхати:
- Баратова Н.А. Сўфи Оллоёрнинг бадиий-маънавий қарашлари. –Самарқанд: 2002.
- Жалолуддин Жўраев. Хожамназар Ҳувайдо ва Ақилбек Сабал ўғли // Имом ал-Бухорий сабоқлари, 2004, №1.
- Жўрабоев О. Ҳазиний тўра. –Т.:Фан, 2007.
- Имом Ғаззолий. Охиратнома. – Т.: Ёзувчи, 1994.
- Қиёматнома. Институт Востоковедение РФ., Np-831.
- Моҳигул ас-Самад. Ҳаёт гули. –Т.: Зарқалам, 2006.
- Муаллифлар: Ҳ.Алиқулов, Р.Носиров, А.Шарипов, М.Усмонов, Н.Турдибоев ва бошқалар. Ўзбекистонда ижтимоий-ахлоқий ва гуманистик фикрлар тарихининг муҳим босқичлари. –Т.: 2007.
- Орзибеков Раҳмонқул. Адабий меросимиз сеҳри. –Самарқанд: Самарқанд давлат университети, 2006.
- Петропавловский Р.В. Диалектика прогресса и ее проявление в нравственности. -М.: Наука, 1978.
- Сўфи Оллоёр. Саботул ожизин. (Иймоннинг баёни). –Т.: 1991.
- Тўплаб нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Икромиддин Остонақул. Авлиёлар султони Туронлик валийлар. –Т.: Янги аср авлоди, 2004.
- Уватов У. Муслим ибн ал Ҳажжож. –Т.: 1995.
Эргаш Очилов. Барҳаёт сиймолар. –Т.: Ўзбекистон, 2012.